Ғазал (Машраб)
Эй менинг нозик ниҳол ороми жоним, қайдасан,
Бу кўнгул бўстонида ғунча даҳоним, қайдасан?
Неча йиллар бу кўнгул муштоқ эрур дийдоринга,
Ўргулай, эй дилбари ширин забоним, қайдасан?
Айрилиб мен ёрдин бир неча кун бўлдум жудо,
Ахтариб келдим сани, сарви равоним, қайдасан?
Ҳоли зорим кўп ёмондур, келмасанг бир йўл сўраб,
Эй менинг хуш меҳрибоним – ёри жоним, қайдасан?
Кўзларим гирён бўлиб қолдим бу ғам саҳросида,
Ҳасратингда чиқти бу оҳу фиғоним, қайдасан?
Ташналабдур Машрабинг, бўлди юрак-бағри кабоб,
Фурқатингда чашми оби равоним, қайдасан?
This work was published before January 1, 1929, and is in the public domain worldwide because the author died at least 100 years ago. |