Ўзбекистон Республикасининг Қонуни Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида (1989)
321321Ўзбекистон Республикасининг Қонуни Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида1989

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДАВЛАТ ТИЛИ ТЎҒРИСИДА

Тил миллатнинг улкан бойлиги ва бебаҳо мулкидир. Социализмни, миллатлараро муносабатларни такомиллаштириш, халқларнинг миллий ва байналмилал ўзлигини англашнинг ўсиши миллий тилларни ҳар томонлама ривожлантиришни тақозо этади.

Ушбу Қонун ўзбек тилининг Ўзбекистон Республикасининг бутун худудида (майдонида) давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асосларини белгилаб беради.

Қорақалпоғистон Автоном Совет Социалистик Республикаси ўз заминида тилга оид барча масалаларни ҳал қилиш ҳуқуқига эгадир.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи барча гражданлар, қайси тил уларнинг она тили эканлигидан қатъи назар, тенгдирлар.

Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республикада яшовчи бошқа миллат ва элатларнинг ўз она тилларини қўллашдан иборат конституцион ҳуқуқларига монелик қилмайди.

Ўзбекистон Республикаси гражданларнинг республика давлат тилини, СССР халқлари тилларини ҳамда чет тилларни ўрганишга бўлган интилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

Ушбу Қонун норасмий муомалада, ҳарбий қисмларда ва диний маросимларда қўлланадиган тилларга татбиқ этилмайди.

1-модда.

Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўзбек тилини бутун чоралар билан ривожлантиради ва унинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётнинг барча соҳаларида амал қилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рус тилини СССР халқларининг миллатлараро муомала тили сифатида ривожлантириш ва ундан эркин фойдаланиш таъминланади.

Миллий ва рус, рус ва миллий тилларда мулоқот қилишни ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратилади.

Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида яшаб турган барча миллат ва элатлар тилларининг эркин амал қилишини таъминлайди, ушбу тиллар равнақ топиши, уларга ҳурмат билан муносабатда бўлиниши учун тегишли шароит яратади

2-модда.

Ўзбек тили ўзбек халқининг маънавий мулкидир.Ўзбекистон Республикаси давлат тилининг равнақи, қўлланиши ва муҳофазасини ҳар томонлама таъминлашга оид барча масалалар Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқи доирасига киради.

Ўзбекистон Республикаси мустақил ва тенг ҳуқуқли республика сифатида ўз ҳудудида тилга оид ҳар қандай масалани ҳал қилиш ҳуқуқига эга.

3-модда.

Ўзбекистон Республикасида яшайдиган ҳар бир шахснинг давлат, жамоат идоралари ва ташкилотларига иш юзасидан таклиф, ариза ҳамда шикоят билан давлат тилида мурожаат этиш ва жавоблар олиш ҳуқуқи таъминланади. Гражданларнинг бошқа тилларда ҳам мурожаат этиш ҳуқуқлари, давлат тили ва миллатлараро муомала тилида жавоб олиши имконияти таъминланади.

4-модда.

Ўзбекистон Республикасида ишловчи давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарлари ўз хизмат вазифаларини бажариш учун республика давлат тилини етарли даражада билишлари шарт.

Ўз фаолиятига кўра аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ шахслар хизмат вазифасини бажариш учун давлат тилини зарур бўлган даражада билишлари лозим.

Ўзбекистон Республикаси ўзбек тилини билмайдиган гражданларга республика давлат тилини бепул ўргатиш ва ўқитишни таъминлайди.

5-модда.

Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятида, съезд, пленум, қурултой, сессия, конференция, мажлис ва кенгашлар республиканинг давлат тилида олиб борилади ва айнан таржимаси таъминланади.

Меҳнат коллективларида мажлислар давлат тилида, шунингдек, мажлис аҳли танланган тилда олиб борилади.

Мажлис иштирокчилари истаган тилда сўзга чиқишлари мумкин: уларнинг нутқлари мажлиснинг иш тилига таржима қилинади.

Ўзбекистон Республикасида ўтказиладиган халқаро, умумиттифоқ ва республикалараро симпозиумлар, конференциялар, кенгашлар ва мажлисларда республика давлат тили ва мажлис аҳли танлаган тил қўлланади.

6-модда.

Ўзбекистон Республикаси Олий давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг қарор ва бошқа ҳужжатлари республика давлат тилида тайёрланади, қабул қилинади ва эълон этилади. Расмий нашрларда уларнинг рус, қорақалпоқ, тожик, қозоқ, қирғиз, туркман ва бошқа тиллардаги таржимаси берилади.

Маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларининг ҳужжатлари давлат тилида тайёрланади, қабул қилинади ва эълон этилади. Муайян миллат вакиллари зич яшайдиган жойларда маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларининг ҳужжатлари республика давлат тилида ҳамда мазкур миллат тилида қабул қилинади ва эълон этилади.

7-модда.

Ўзбекистон Республикасида муассаса, корхона, ташкилот ва бирлашмаларда иш республика давлат тилида юритилади.

Меҳнат аҳлининг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган корхона, муассаса, ташкилот ва бирлашмаларда иш республика давлат тили билан бир қаторда рус тили ёки бошқа тилларда ҳам олиб борилади. Бундай корхоналарнинг рўйхати халқ депутатлари район, шаҳар Советларининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Министрлар Совети томонидан белгиланади.

Умумиттифоқ тасарруфидаги корхоналарда иш республика давлат тили билан бир қаторда рус тилида ҳам юритилади.

8-модда.

Ўзбекистон Республикасидаги корхона, муассаса ва ташкилотларда ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари республика давлат тилида, шунингдек миллатлараро муомала тилида тайёрланади, республикадан ташқарига жўнатиладиган ҳисобот ва молия ҳужжатлари эса рус тилида ёки тегишли томонга мақбул тилда ёзилади.

9-модда.

Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқарув органлар умумиттифоқ ташкилотлари билан муносабатларда миллатлараро муомала тилини қўллайдилар.

Иттифоқдош ва автоном республикалар, шунингдек хорижий давлатлар билан бўладиган алоқаларда тарафлар учун мақбул тил қўлланади.

10-модда.

Ўзбекистон Республикасида судлов ўзбек, қорақалпоқ тилларида ёки ўша жойдаги кўпчилик аҳоли тилида олиб борилади. Суд ишлари олиб борилаётган тилни судда қатнашувчи кишилар билмаган тақдирда бу кишилар учун таржимон орқали ишга оид материаллар билан тўла танишиш ва суд ишларида иштирок этиш ҳуқуқи ҳамда судда она тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади.

Ўзбекистон Республикасида давлат ҳакамлиги маҳкамаларида корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар ўртасидаги хўжалик низоларини кўриб чиқиш, ҳал қилишда ўзбек тили қўлланади. Зарурат бўлганда хўжалик низолари миллатлараро муомала тилида ҳам қараб чиқилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси ва бошқа республикалар корхоналари, ташкилотлари ва муассасалари хўжалик низоларини кўриб чиқиш, ҳал қилишда ҳам миллатлараро муомала тили қўлланади.

11-модда.

Ўзбекистон Республикаси давлат нотариал идораларида, халқ депутатлари шаҳар, қишлоқ ва қўрғон Советлари ижроия комитетларида нотариал ишлар республика давлат тилида юритилади. Мурожаат этувчи киши талабига кўра, расмийлаштирилаётган ҳужжатлар матни давлат нотариус томонидан ёки нотариал ишни бажараётган бошқа мансабдор шахс томонидан рус тилига ёки имконият доирасида унга мақбул тилга таржима қилиб берилади.

12-модда.

Ўзбекистон Республикасида гражданлик ҳолатини қайд этувчи ҳужжатлар ҳамда турли шаҳодатномалар республика давлат тилида ёзилади, миллатлараро муомала тилида таржимаси такрорланади.

13-модда.

Ўзбекистон Республикасида яшовчи гражданларга ўқишда тилни эркин танлаш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистон Республикаси ўз худудида республика давлат тилида, шунингдек рус, қорақалпоқ, тожик, қозоқ, қирғиз, туркман тилларида ҳамда республикада зич яшайдиган бошқа миллатларнинг тилларида умумий ўрта маълумот олишни таъминлайди.

Ўзбекистон Республикасида, мавжудлари билан бир қаторда, ўзбек тилида, миллий гуруҳлар зич яшайдиган жойларда эса уларнинг тилида мактабгача ёшдаги болалар муассасаларини очиш таъминланади.

14-модда.

Ўзбекистон Республикасининг ҳунар-техника билим юртларида, ўрта махсус ва олий ўқув юртларида, улар қайси маҳкама ихтиёрида бўлишидан қатъи назар, республика давлат тилида, шунингдек, рус тилида, шароитлар мавжуд бўлган жойларда бошқа тилларда ҳам мутахассислар тайёрлаш таъминланади.

Ўзбекистон Республикасида давлат тилида, шунингдек, миллатлараро муомала тили ва республикада қўлланилаётган бошқа тилларда ҳам мутахассислар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш таъминланади.

15-модда.

Ўзбекистон Республикаси дарслар ўзбек тилида ўтилмайдиган умумий таълим мактабларида, ҳунар-техника билим юртларининг ҳамда ўрта махсус ва олий ўқув юртларининг дарслар ўзбек тилида ўтилмайдиган бўлим ва группаларида ўзбек тилини ўқув планининг асосий фанларидан бири сифатида ўрганишни таъминлайди, бу фандан битирув имтиҳони топширилади.

Ўзбекистон Республикаси дарслар рус тилида ўтилмайдиган умумий таълим мактабларида, ҳунар-техника билим юртларида, ўрта махсус ва олий ўқув юртларида рус тилини ўқув планининг асосий фанларидан бири сифатида ўрганишни таъминлайди. Бу фандан битирув имтиҳони топширилади.

16-модда.

Араб алифбосига асосланган қадимий ўзбек ёзувини ўзбек умумий мактабларида, ўрта махсус ва олий ўқув юртларининг дарслар ўзбек тилида олиб бориладиган бўлимларида ўқув плани фанларидан бири сифатида ўқитиш таъминланади. Ўзбекистон Республикасида бу ёзувни ўрганишни истайдиганларга ҳар томонлама имконият яратилади. Бунинг учун тегишли илмий-педагогик кадрлар ва дарслик ҳамда методик ўқув қўлланмалари тайёрланади, қадимий ўзбек ёзувида адабий-тарихий ёдгорликлар, китоблар, газета ва журналлар нашр этилади.

17-модда.

Ўзбекистон Республикаси республика давлат тилида, шунингдек, миллатлараро муомала тилида дарсликлар, ўқув-методик ва илмий-техник адабиётлар нашр этилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикасида бошқа республикалар билан муайян шартномалар тузган ёки келишган ҳолда рус, қорақалпоқ, тожик, қозоқ, қирғиз, туркман ва бошқа тилларда ўқитиладиган мактаблар дарсликлар, ўқув-методик, бадиий ва илмий-техник адабиётлар билан таъминланади. Шунингдек, қардош республикаларда яшаётган ўзбекларни ўзбек тилидаги ўқув-методик, бадиий ва илмий-техник адабиётлар билан таъминлайди. Ўзбекистон Республикаси республикадан ташқарида ҳам ўзбек тилини асраш ва ривожлантиришга, маориф ва маданиятни тариққий эттиришга ёрдам беради.

18-модда.

Ўзбекистон Республикаси илм-фаннинг ҳамма соҳаларини республика давлат тилида ривожлантириш учун лозим бўлган барча шарт-шароитни яратиб беради. Республикада илмий ишни ўзбек тилида тақдим этиш, ҳимоя қилиш ва нашр қилиш ҳуқуқи таъминланади. Республикада илмий асарларнинг рус, қорақалпоқ, тожик, қозоқ ва бошқа тилларда ёзилиши, нашр этилиши ва ҳимояга қўйилиши мумкин.

19-модда.

Ўзбекистон Республикасида ўзбек халқининг илм-фан тилини такомиллаштириш учун ўзбек тилида илмий-техник ҳамда ижтимоий-сиёсий атамаларни яратиш ва ривожлантириш таъминланади.

Ўтмишнинг ижтимоий, иқтисодий, тарихий, адабий-бадиий, маданий ва илмий меросини кенг тарғиб қилиш ва чуқур ўрганиш учун ўзбек халқининг тарихий-маданий ёдгорликлари асл нусхада нашр этилиши таъминланади, шунингдек, рус ва бошқа тилларга ҳам таржима қилинади.

20-модда.

Ўзбекистон Республикасида чиқадиган китоблар, газета ва журналлар, даврий хабарномалар асосан давлат тилида нашр қилинади. Шунингдек, эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда рус тили ва бошқа тилларда ҳам нашр этилади.

Телевидение кўрсатувлари ва радио эшиттиришлари асосан республика давлат тилида олиб борилади. Шунингдек, эшиттиришлар рус тилида ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида зич яшовчи бошқа миллатларнинг тилларида ҳам тайёрланади ва олиб борилади.

Умумиттифоқ телевидение ва радиоси кўрсатув ва эшиттиришларини олиб бериш таъминланади.

21-модда.

Ўзбекистон Республикасида сценарийлар, фильмларни ва бошқа томошабоп асарларни республика давлат тилида ҳамда миллатлараро муомала тилида яратиш таъминланади. Бошқа иттифоқдош республикалардан, чет эллардан олинадиган кинофильмлар, саҳна асарлари ва бошқа томошабоп асарлар ўзбек ва рус тилларига таржима қилинади.

22-модда.

Муассаса, корхона, давлат ва жамоат ташкилотларининг расмий муҳрлари, тамғалари ва иш қоғозларининг матнлари республика давлат тилида бўлади, русча таржимада такрорланади.

Миллий-маданий жамиятлар ва марказларнинг муҳрлари, тамғалари ва иш қоғозларининг матнлари улар танлаган тилдан ташқари республика давлат тилида бўлиши шарт.

Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот воситалари республика давлат тилида ёзилади ва эълон қилинади ҳамда рус ва бошқа тилларда такрорланади. Ўзбекистон Республикаси корхоналарида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ёрлиқлари, корхона белгилари, улардан фойдаланиш йўл-йўриқлари, ўзбек тилида ҳамда миллатлараро муомала тилида бўлиши таъминланади.

Мамлакатнинг бошқа республикаларидан ёки чет эллардан келтирилган маҳсулотни савдо идоралари ва ташкилотлари ўзбек тилида ва миллатлараро муомала тилида битилган йўл-йўриқлар билан таъминлаши лозим.

23-модда.

Ўзбекистон Республикасида почта-телеграф хабарлари гражданларнинг хоҳишига кўра республика давлат тили ёки рус тилида расмийлаштирилади.

24-модда.

Ўзбекистон Республикасидаги шаҳарлар, қишлоқлар, майдонлар, кўчалар, бекатлар, тарихий обидалар ва бошқа жўғрофий-ҳудудий ўринларнинг номлари ягона миллий шаклда берилади ва республика давлат тилида ёзилади.

СССР даги ва хорижий мамлакатлардаги барча жўғрофий номлар ўзбек миллий-тарихий анъаларига ва ўзбек тилининг ўзига хос хусусиятларига асосланган ҳолда ўзбек тилида рақам этилади.

Ўзбекистон Республикасида барча тарихий исмлар ва жойларнинг номлари халқнинг миллий мулки ҳисобланади ва давлат томонидан муҳофаза қилинади.

25-модда.

Ўзбекистон Республикасида яшовчи гражданлар миллатидан қатъи назар, ўз исмини (бир ёки бир неча) ота исми ва фамилиясини (бир ёки бир неча) тарихий-миллий анъаналарга мувофиқ шаклда ёздириш ҳуқуқига эгадирлар. Исмлар, ота исми ва фамилияларининг ягона тўғри шакли махсус маълумотномаларда қайд этилади. Ўзбекча, исмлар, ота исми ва фамилиялар бошқа тилларда берилганда, айни чоғда, дунёга машҳур кишиларнинг ота исми ва фамилияси ўзбек тилида берилганда уларнинг асл ёзилиш хусусияти сақланиб қолади.

Исмлар, ота исми ва фамилияларни ёзишда ўзбек тилининг ифода ва талаффуз қонуниятларига риоя этилади.

26-модда.

Ўзбекистон Республикасида яшовчи барча миллатлар миллий-маданий жамиятлар ва марказлар тузиш ҳуқуқига эгадирлар. Оз сонли миллий гуруҳлар учун ҳам ўрта умумий таълим мактабларида ўз она тилини ўрганишга шароит яратилади.

27-модда.

Ўзбекистон Республикасида давлат тилига ва бошқа тилларга менсимай ёки хусумат билан қараш тақиқланади. Мансабдор шахсларнинг республика давлат тилини ёки миллатлараро муомала тилини билмасликни рўкач қилиб таклифлар, аризалар ва шикоятларни олишдан ёки кўриб чиқишдан бош тортиши ман этилади; гражданларнинг ўзаро муомала, таълим-тарбия ва ўқиш тилини эркин танлаш ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи хатти-ҳаракатлар содир бўлса, СССР ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунлари белгилаган тартибда жавобгарликка тортилади.

28-модда.

Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва давлат бошқарув муассасаларининг, шунингдек корхоналар, ташкилотлар ва идораларнинг раҳбарлари ўзларига бўйсунувчи соҳа доирасида ушбу Қонун талабларига риоя қилинишига шахсан жавобгардирлар.

29-модда.

Давлат тили расмий амал қиладиган соҳаларда ўзбек адабий тилининг мавжуд илмий қонун-қоидаларига тўла риоя этилади.

30-модда.

Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақидаги мазкур Қонуннинг турмушга тадбиқ этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Совети ва унинг Доимий тил комиссияси зиммасига юкланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг Раиси М. ИБРОҲИМОВ

Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиумининг Секретари Л. БЕКҚУЛБЕКОВА

Тошкент ш.,

1989 йил 21 октябрь,

3561-XI-сон


Public domain in U.S.
Public domain in U.S.
This work is in the public domain in the U.S. because it is an edict of a government, local or foreign. See § 313.6(C)(2) of the Compendium of U.S. Copyright Office Practices, 3rd ed. 2014 (Compendium (Third)) . Such documents include "legislative enactments, judicial decisions, administrative rulings, public ordinances, or similar types of official legal materials."

These do not include works first published by the United Nations or any of its specialized agencies, or by the Organization of American States. See Compendium (Third) § 313.6(C)(2) and 17 U.S.C. § 104(b)(5).


A non-American governmental edict may still be copyrighted outside the U.S. Similarly, the above U.S. Copyright Office Practice does not prevent U.S. states or localities from holding copyright abroad, depending on foreign copyright laws and regulations.

English | español | français | italiano | 日本語 | +/−